Ўзбекистонда 2025 йил охиригача АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун “барча куч ва ресурслар сафарбар этиш” кўзда тутилган. Бу ҳақда президент Мирзиёев томонидан жорий йил 7 февралида имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида билдирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, аҳолини “сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаш” ҳақида топшириқ берилган. Бу чора Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилгани айтилмоқда.
Фармон билан мамлакатнинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.
Президент Мирзиёев ўтган йил январь ойи охирида бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 бензинидан тўлалигича воз кечиш ҳақида топшириқ берган эди. Ундан аввал эса Экология вазирлиги баёнот тарқатиб, “халқаро стандартларга тўғри келмайдиган АИ-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётгани”ни урғулаганди.
Вазирлик Тошкент ҳавосига кўрсатилаётган салбий таъсирни камайтириш мақсадида бир қатор фавқулодда чораларни таклиф қилган бўлиб, улар орасида “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (АИ-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш ҳам бор эди.
Экологик жиҳатдан зарарли деб топилган АИ-80 кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистон ва Тожикистонда тақиқланган. 2017 йилда 80 октанли бензин Қозоғистонда ҳам йўқолган - у фақат махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилади, холос.
АИ-80 бензини бошқа русумдаги бензинлардан арзонроқ бўлгани учун харидоргир бўлиб ҳисобланади. Ўтган йилнинг 5 ноябрида АИ-80 русумли бензиннинг 1 тоннаси 9 миллион 998 минг сўмгача кўтарилган. Бу 2023 йил ноябридаги нархдан (7 миллион 375 минг сўм) 26,2 фоизга қимматдир.