Ўзбекистонликлар бундан буён байрамларда камида уч кун дам олишади

Ўзбекистонликлар Наврўз байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ҳамда Рамазон ва Қурбон ҳайити диний байрамларида бундан буён камида уч кун дам олишади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 9 февралида имзолаган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда қайд этилган.

Ҳужжатда ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий қилиш кўзда тутилган.

“Бунда “оилавий саёҳат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади”, дейилган фармонда.

Фармон билан ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида бир ой ичида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш, 2021 йил 1 апрелига қадар эса Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўриш топширилган.

Айни пайтда ҳужжатда жорий йил 1 мартидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан меҳмонхоналарда улар яшаган ҳар бир кун учун ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорда туристик йиғим ундирилиши билдирилган. Бу каби йиғимни ҳозиргача фақат хорижлик меҳмонлар тўлаб келган, холос.