Ўзбекистонликлар ҳам Германия визасини онлайн олиши мумкин

Иллюстратив сурат

2025 йил 1 январидан эътиборан Германия бутун дунё бўйлаб Консуллик хизматлари порталини ишга туширди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Шу тариқа Германиянинг жаҳон бўйлаб 167 та виза бўлими рақамли тизимга ўтмоқда. Бу эса кўплаб давлатлар фуқаролари Германия визасига онлайн ариза топшириши мумкинлигини англатади. Мазкур имконият тақдим этилган давлатлар сафида Ўзбекистон ҳам бор.

Биринчи январдан бошлаб Германияда ишлаш ёки ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Консуллик хизматлари портали ёрдамида виза олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиши мумкин. Эндиликда виза учун почта орқали ҳужжат юборишга ҳожат қолмайди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок баёнотига кўра, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили камида 400 минг нафар малакали ишчи керак бўлади. Рақамли хизмат кўрсатувчи Консуллик хизматлари порталининг ишга туширилиши ҳам хориждан малакали ишчиларни жалб этишга қаратилган чоралардан бири саналади.

ТИВ раҳбари таъкидича, онлайн виза тартиби узоқ вақт давом этадиган қоғозбозликка барҳам бериб, Германияни ишчи кучи ва талабалар учун янада жозибадор қилади.

Бербок виза учун онлайн мурожаат қилиш имкони яратилганини “чинакам маъмурий инқилоб” деб атаган.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига бир қатор Ғарб давлатлари, жумладан, Германияда ўқиш, малака ошириш ҳамда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўришни топширгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўтган йилнинг кузида Самарқандда ўзбек расмийлари билан ўтказилган музокара ортидан Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартиби енгиллаштирилиши мумкинлигини айтганди.