"Ўзгидромет" олти вилоятда қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 21 мартидан 27 мартигача кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати ўзгаришлари туфайли Ўзбекистоннинг олтита вилояти ҳудудида қор кўчиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Синоптикларга кўра, қор кўчкилари Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари, Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин туманлари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари) ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида кутиляпти.

Шунингдек, Ўзгидромет Наврўз куни “Тошкент – Ўш” автойўлининг (А-373) “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида қор ёғиб, туман кузатилиши, кўрувчанлик 50 метргача пасайиши, кучли шамол натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.