Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 9 сентябрь куни Тошкентда ўтказилаётган 10-қурултойида делегатлар амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни президентликка номзод ўлароқ кўрсатди.
Съездда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев ўтган беш йил ичида катта тажриба орттиргани, халқ унга ишонганини қайд этаркан, “айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда” дея урғулаб, шу тариқа бундан буён ҳам Ўзбекистонни бошқаришга рағбатли эканини ифода этди. Ўз нутқида Ш. Мирзиёев президентлик чоғида амалга оширилган бир қанча ишни санаб, келажак беш йил учун қатор ваъдалар берди.
ЎзЛиДеП матбуот хизмати маълумотига кўра, қурултой делегатлари номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастури асосий устувор йўналишлари баён қилинган маърузасини маъқуллашиб, партиянинг марказий ва қуйи ташкилотларига сайловолди ташвиқотини олиб боришда ундан кенг фойдаланишни тавсия этишган.
Либерал-демократлар қурултойи билан мамлакатда президент сайловига номзод кўрсатиш жараёни ниҳоясига етади.
ЎзЛиДеПдан аввал Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган Экологик партия, “Адолат”, “Миллий тикланиш” ва Халқ-демократик партиялари президентликка ўз номзодларини кўрсатиб бўлишган.
Хусусан, 8 сентябрь куни “Адолат” социал-демократик партияси Баҳром Абдуҳалимовни, август ойида Экологик партия Нарзулла Обломуродовни, “Миллий тикланиш” партияси Алишер Қодировни, Халқ-демократик партияси эса Мақсуда Ворисовани президентликка номзод сифатида кўрсатган.
Мазкур партияларнинг ҳаммаси иқтидордаги ҳукумат сиёсатини дастакловчи ташкилотлар ўлароқ кўрилади.
Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмаган.
Ўзбекистонда президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.