ОАВ: Россия ғарбий чегарасида “тажовузкор армия”нинг 70 фоизини жамлади

Россиялик ҳарбийларнинг Ростов вилоятидаги машқларидан лавҳа (архив сурати)

Россия Украина билан чегаралари яқинида кенг кўламли амалиёт учун зарур куч ва воситаларнинг қарийб 70 фоизини жамлаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги ва Washington Post газетаси АҚШ разведкасидаги манбаларига таянган ҳолда хабар қилишди.

Манбаларга кўра, Украина билан чегара яқинида жойлашган Россия батальон-тактик гуруҳлари сони 83 тага етган, ҳолбуки атиги бир ҳафта олдин улар сони 60 тага бормасди. Яна 14 та гуруҳ йўлда эканлиги айтилмоқда. Бунга “Иттифоқ қатъияти” машқларида қатнашиш учун Беларусга етиб келган россиялик ҳарбийлар кирадими, йўқми – мақолада очиқланган эмас.

Ҳар бир батальон-тактик гуруҳда 750 нафарга яқин аскар мавжуд. Washington Post Россиянинг Украина билан чегаралари атрофида ҳамда аннексия қилинган Қримда тўпланган аскарлари умумий сонини 100-130 минг нафар дея баҳоламоқда.

Reuters иқтибос келтирган экспертларга кўра, 15 февралгача ер қаттиқ музлаб, оғир ҳарбий техника юра оладиган ҳолга келади – бу ҳарбий амалиётни енгиллаштирувчи шартлардан бири ўлароқ кўрилмоқда. Об-ҳаво шароити нуқтаи назаридан тажовуз хавфи март ойи охирларигача сақланиши мумкин, ундан кейин эрувчанлик бошланади.

Нашрлар, АҚШ мулозимларига таянган ҳолда, кенг кўламли ҳужум юз берган тақдирда кўриладиган талафотларни ҳам тахмин қилган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Украинадан 5–25 минг, Россиядан 3–10 минг нафар ҳарбий ҳалок бўлиши мумкин. Шунингдек, тинч аҳоли вакилларидан 25–50 минг киши нобуд бўлиши эҳтимолидан баҳс этилмоқда.

Мақолада ҳарбий амалиёт тарзи хусусида ҳам фикр билдирилган. Иддао қилинишича, Россия қўшини атиги икки кунда Киевга кириши мумкин, бироқ шаҳарни ишғол қилиш чоғида жуда кўп қурбон берилади. Айни пайтда Fox News АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Марк Милли сўзларига таянган ҳолда Киев 72 соатда таслим бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Россия Украинага бостириб кириш режаси йўқлигини иддао қилиб, айни таҳдид ҳақида баёнот бераётган Ғарб сиёсатчиларини, шунингдек бу ҳақда ёзаётган ОАВларни танқид қилмоқда. Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский юқорида тилга олинган мақола ва хабарларни “телбалик ва ваҳима тарқатиш” деб атаган.