Ободонлаштириш тизими ходималарига Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев номидан дазмол тарқатилди

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ободонлаштириш тизимида ишлайдиган 4127 нафар аёлга 8 март муносабати шаҳар ҳокими номидан байрам совғалари топширилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, пойтахт тозалиги ва кўкаламзорлаштиришга масъул бўлган аёллар бу гал байрам совғаси сифатида дазмолга эга бўлишган.

“Икки йилдан бери ўзи TEFAL (электрчойнак демоқчи – таҳр.) бериларди, энди бу йил дазмол қила қолдик”, деган аёлларни “Жаҳонгир Абидович номидан” табриклаган мулозим.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли ARTEL ширкатида электрчойнак ва дазмол каби майда маиший техника буюмларидан ташқари музлаткич, телевизор, чангютгич, кир ювиш машиналари, овқат тайёрлаш учун плиталар ҳамда бошқа ашёлар ишлаб чиқарилади.