Олий таълим вазирлиги талабаларнинг қишки таътил муддатини узайтирди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба ва ўқувчиларнинг қишки таътил муддатини эртароқ бошлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Аввалроқ вазирлик олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари учун қишки таътил муддатини 2021 йил 28 декабридан 2022 йил 10 январигача этиб белгилаган эди. Аммо кейинроқ таътилнинг бошланиш муддати 25 декабрга кўчирилган. Мазкур қарор “об-ҳавонинг кескин совушини инобатга олиб, талаба ва ўқувчиларга қишки таътил даврини ўз оилалари бағрида узоқроқ ўтказишлари учун” олингани билдирилган.

ОТВ матбуот хизмати талабаларни доимий яшаш жойларига бориш ва қайтиши учун ички темирйўл ва авиақатновларга чипталарни махсус 50 фоизли чегирма билан харид қилиш имтиёзи ҳам 25 декабрдан эътиборан қўлланиши белгиланганини қўшимча қилган.

Хабарномада қишки таътил муддати қачон тугашига аниқлик киритилган эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, таътилнинг тугаш муддати ўзгаришсиз қолганини тахмин қилиш мумкин. Агар вазирлик томонидан бошқа қарор қабул қилинмаса, талабалар ўқишни янги йилнинг 11 январидан бошлайдилар.