Олмаота полицияси “жангарилар дафн этилган жойлар”га оид маълумотни очиқлади

Қозоғистонда январь воқеалари чоғида қурбон бўлган киши жанозасидан лавҳа

Олмаота полицияси 20 январь куни “оммавий тартибсизликларда иштирок этган жангарилар яширинча кўмилган жойлар” топилганини очиқлади.

Олмаота полицияси расмий вакили Салтанат Азирбекнинг билдиришича, жангариларнинг жасадлари бу жойларга “талончилар шахсини аниқлаш имконини йўққа чиқариш учун” кўмилганини маълум қилди. “Жасадлар ва улар дафн этилган жойлар сонига оид маълумотлар оператив сир ҳисобланиб, улар ошкор этилмайди”, дея таъкидлаган мулозима.

Қозоғистонлик ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари аввалроқ бир неча бор қозоқ расмийларини январь воқеалари чоғида тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар ҳақида тўлароқ маълумот беришга чақиришган. 15 январь куни Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликларда камида 225 одам қурбон бўлгани ҳақида баёнот тарқатган. Олмаотада, полиция маълумотларига кўра, ҳарбий бўлмаган фуқаролардан 149 киши нобуд бўлган. Аммо расмийлар қурбонларнинг қанчаси талончилар томонидан, қанчаси куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан ўлдирилганини очиқлашган эмас. Шунингдек расмийлар бевосита жиноят содир этаётган пайтида отиб ўлдирган “мародёрлар” сонини ҳам ошкор қилишмаяпти. Бу орада ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар тартибсизликларда иштирок этмаган ва жиноят содир этмаган, балки тасодифий ўққа учган ўнлаб киши ҳақида маълумот тўплашга муваффақ бўлганлар.

Январь воқеалари чоғида қурбон бўлганларнинг қариндошлари ўликхоналарда уларга яқинларининг жасадларини беришмаётгани ва ҳаттоки уларни ўлдирилган жойларидан олиб кетишга рухсат беришмаётганини айтишган эди. Уларга кўра, Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида жасадлар бир неча кун кўчада ётган: ҳарбийлар ҳатто уларнинг ёнига яқинлашишга ҳам изн беришмаган. Ақтўбелик 30 ёшли қурбон Русланбек Жубаназаровнинг оиласи журналистларга марҳумнинг жасадини бир неча кун давомида олишолмаганини айтишган. Расмийлар уни “террорчи” деб эълон қилиб, уни дайдилар каби умумий қабрга, ҳеч қандай белгисиз кўмишни талаб қилишган. Бу қабрнинг таърифи Олмаота полициясида маълум қилишгани билан жуда ўхшаш.

“Ўзини Берик Бисекенов дея таништирган полиция ходими бизга: “Жубаназаров – террорчи. Унинг жасади берилмайди. Уйларингизга тарқалинглар! Акс ҳолда, сизларни ҳам отиб ташлаймиз. Бизга бўйсинмаган ҳар қандай кишини ўққа тутишга буйруқ беришган” деди, деган марҳум Русланбекнинг онаси Жайнагул Бурқит қизи.

Гувоҳларга кўра, Олмаотада энг кўп тасодифий қурбон 6 январь куни майдонда оммавий тинч намойиш ўтаётган пайтда берилган. Аммо ўша оқшом майдонга ҳарбий кийимда бўлган бир неча киши келиб, тинч намойиш иштирокчилари ва тасодифан кўчадан ўтиб кетаётганлар кишиларни ўққа тутишган.

Расмийлар Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларда намойишчилар ўққа тутилганини тасдиқлаётганлари йўқ, бироқ ўша пайтда Қозоғистонда расман “аксилтеррор амалиёти” ўтаказилганини урғулашмоқда. Эртасига, яъни 7 январь куни Қозоғистон президенти Тоқаев кучишлатар тузилмалар ходимларига огоҳлантирмасдан отишга буйруқ берган. Шундан сўнг расмийлар тинч намойиш иштирокчилари ва тасодифан ўққа тутилганлар тўғрисида лом-мим демай, январь воқеалари чоғида “террорчи” ва “мародёрлар” ўлдирилгани ҳақида гапира бошлаганлар.