Ўзбекистон ўтган йили олтин сотишни озайтирди

Олтин Ўзбекистон экспортида муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон 2021 йилда хориж давлатларига 4 миллиард 100 миллион долларлик олтин сотди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида билдирилди.

Ўтган йили сотилган олтин миқдори бундан аввалги йилларга қараганда анча оз бўлди. Жумладан, 2020 йилда 5,8 миллиард долларлик, 2019 йилда эса 4,9 миллиард долларлик олтин сотилган эди.

Сотилган олтин ҳажми ўтган йилларга нисбатан оз бўлганига қарамай, мазкур маҳсулот Ўзбекистон экспортида муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Масалан, 2021 йилда Ўзбекистон хорижга 16,6 миллиард долларлик эскпорт қилган. Унинг 4,3 миллиард доллари саноат товарлари, 4,1 миллиард доллари олтин, 2 миллиард доллари хизматлар, 1,3 миллиард доллари озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлардир.