АҚШ ва Россиянинг қурол-аслаҳа назорати бўйича музокаралари 10 январь куни ўтказилади. 12 январда Россия – НАТО кенгаши ўтказилиши белгиланган, эртасига эса Россия ҳамда ЕХҲТ вакиллари музокара олиб борадилар. Учрашувлар мавзуси – Украина билан чегарадаги вазият, дея маълум қилган Оқ уй матбуот хизмати.
#BREAKING US, Russia to hold arms control, Ukraine talks January 10: https://t.co/Mp3q5NGNwi pic.twitter.com/js2dCssB02
— AFP News Agency (@AFP) December 28, 2021
Бироқ Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков 28 декабрь куни РИА Новостига мазкур учрашувлар, жумладан АҚШ ва НАТО билан музокаралар саналари бўйича қатъий келишув ҳозирча йўқлигини маълум қилган.
Бир неча кун олдин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров хавфсизлик кафолатлари бўйича Россия-Америка музокаралари Янги йил таътили тугаши билан ўтказилишини айтган эди. Россия томонидан музокараларни ҳарбийлар иштирокидаги идоралараро комиссия олиб боради.
Аввалроқ АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиёга доир ишлар бўйича ёрдамчиси Карен Донфрид ҳам музокаралар январь ойида бошланиши мумкинлигини билдирган. Айни пайтда Вашингтон Россиянинг айрим таклифларини номақбул деб ҳисоблашидан огоҳлантирган.
Россия ҳукумати 17 декабрь куни хавфсизлик кафолатларига доир иккита лойиҳани эълон қилган эди. Москванинг энг асосий талаби НАТОнинг шарқ томон кенгайишни давом эттиришдан воз кечишидир.
Россия Ғарб билан муносабатлар кескин таранглашуви манзарасида ўзига хавфсизлик кафолатлари берилишини талаб қилмоқда. Ғарб мамлакатлари эса Украина билан чегара яқинида катта қўшин тўплаган Россияни ушбу мамлакатга бостириб киришга ҳозирлик кўраётганликда гумон қилади.
Москва бу айбловларни рад этиб, ўз навбатида, Киевни Ғарб ёрдами билан ҳарбий қудратини ошираётганликда айбламоқда, шунингдек НАТОни Россия чегаралари яқинида ҳарбий машқлар ўтказгани учун танқид қиляпти.