Остонада сув йўқлигидан норози аҳоли кўчани тўсиб қўйди

Сув йўқлиги туфайли кўча тўсган остоналиклар (Ulysmedia.kz видеосидан лавҳа)

Қозоғистон пойтахтида бир неча тураржой мажмуаси турғунлари сув йўқлиги туфайли 6 июнь оқшомида автомобиль йўлини тўсиб қўйишган.

Ulysmedia.kz нашри хабарига кўра, норози фуқаролар “Миллиниум парк” кўп қаватли уйи ёнидаги йўлни тўсишган. Саккиз кундан буён сувсиз яшаётганларини айтган одамлар “сув беринг” дея қичқиришган.

Норозиларнинг айтишича, сув улар яшаётган кўп қаватли уйларга тунги соат 2 дан 5 гачагина берилмоқда. Улар 37 даражали иссиқда болали оилалар ҳатто ҳожатхонага киролмаётганидан шикоят қилишган. Шунингдек, улар яқин атрофдаги дўконларда сув тез тугаб қолаётганини ҳам қўшимча қилишган.

Йиғилганлар олдига келган пойтахтнинг Олмаота тумани ҳокими Самат Мақсатули турғунлардан бироз чидаб туришни илтимос қилган ва ўзи ҳам “график асосида ювинаётгани”ни айтган.

Остона ҳокими Женис Қасимбек эса ўз видеомурожаатида бир ой ичида шаҳарда сув танқислиги билан боғлиқ барча муаммолар ҳал этилишини ваъда қилган.

Қозоғистон пойтахти аҳолиси бир неча ҳафтадан бери кўп қаватли уйларда сув йўқлигидан шикоят қилиб келишяпти. Аввалроқ бу муаммо туфайли BI Group ширкати қурган уйда яшовчи йўл тўсишган эди.

Ўшанда пойтахт ҳокимияти вакиллари сувнинг барқарор равишда берилмаётгани “шаҳар аҳолиси сонининг ошгани ва интенсив равишда қурилишлар бўлаётгани” билан боғлиқлигини билдиришган. Улар хусусий секторда яшовчилардан томорқаларини суғориш учун сувдан фақат соат 23.00 дан 06.00 гачагина фойдаланишни сўрашган ва уларга техник сув сотиб олишни тавсия қилишган.