Президент Мирзиёевнинг куёви ООК вице-президенти этиб сайланди

Отабек Умаров

Осиё олимпия кенгаши ижроия қўмитасининг 15 декабрь куни Ўмоннинг Маскат шаҳрида бўлиб йиғилишида Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров номзоди ООК вице-президенти лавозимига бир овоздан маъқулланган. Шу тариқа О. Умаров, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) маълумотига кўра, халқаро ташкилот вице-президенти этиб сайланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи бўлган Отабек Умаров МОҚ ижроия қўмитаси томонидан шу йил 9 декабрида Осиё олимпия кенгаши вице-президенти лавозимига номзод ўлароқ кўрсатилганди.

Ўтган ҳафта ўтказилган мазкур тадбирда сўз олган Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Сакен Пўлатов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси в.б. Руслан Мустаев, Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби Ирода Тўлаганова Ўзбекистон номидан вице-президентликка энг муносиб номзод танланганини таъкидлаганлар.

Йиғилишда Отабек Умаровнинг Триатлон федерацияси ҳамда ММА ассоциациясидаги фаолияти орқали Ўзбекистонда “ушбу спорт турларининг ривожини янги босқичга чиқара олган”и алоҳида урғуланган.

Сешанба куни Маскатда ООК вице-президенти лавозимига сайланган О. Умаров ташкилот ижроия қўмитаси вакилларига ўзига билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдирган.

Тошкентда ўтадиган 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш Янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз”, деган жумладан Отабек Умаров ўз чиқишида.

Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеясининг 16 декабрь куни Маскатда бўлиб ўтадиган галдаги йиғилишида О. Умаров вице-президент ўлароқ иштирок этади. Йиғилиш доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Осиё Олимпия Кенгашида жами 10 нафар вице-президент фаолият кўрсатади. Уларнинг 5 нафари қитъадаги минтақалар бўйича иш олиб борса, қолган ярми Осиёда ўтадиган 5 йирик комплекс мусобақаларни (ёзги Осиё ўйинлари, қишки Осиё ўйинлари, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, соҳил Осиё ўйинлари ва ёшлар Осиё ўйинлари) юқори савияда ташкил этиш учун масъул ҳисобланади.