Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари музокара ўтказмоқда. Аммо отишма давом этмоқда

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди

Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Маъруфхон Тулаев Фейсбук орқали журналистлар билан жонли мулоқот ўтказмоқда. У айни пайтда Тожикистон расмийлари билан музокаралар олиб борилаётганини, аммо шунга қарамай чегарадаги отишма давом этаётганини айтди.

“Вазият кескинлашмоқда. Отишма ҳудудидан аҳолини эвакуация қилишга уриняпмиз. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот йўқ”,-деди расмий.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, отишма бўлаётган ҳудудда жойлашган Қирғизистонга қарашли Қўқтош қишлоғида яшовчи Ақил исмли фуқаро: “Зенит қуроллари билан отишяпти. Ўқлар Кўктошнинг барча кўчаларига келиб тушяпти. Ҳозирча уйлар ёнмаяпти. Бола -чақани хавфсиз жойга кўчирдик”, -деб айтди.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Тожикистон ҳукумати ҳозиргача отишма тўғрисида расмий маълумот бермади.