6 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусдаги зўравонликлар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам жалб этилишини маълум қилди.
Бу Европа Иттифоқи, АҚШ, БМТ, бошқа халқаро ташкилотларнинг зўравонликлар юзасидан мустақил ва шаффоф тергов ўтказиш чақириқларига жавоб сифатида талқин қилинмоқда.
Мирзиёев, шунингдек, намойишларни бостириш чоғида куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам, ўз таъбирича, таҳлил қилинишини айтди. Президентнинг сўзларига кўра, куч тузилмалари нотўғри куч ишлатган бўлса, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
“Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин".
Расмийларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда оммавий намойишлар ортидан келиб чиққан тўқнашувларда 18 киши ҳалок бўлган, улардан 4 нафари куч тизимлари ходимларидир.
Президент Шавкат Мирзиёев ”Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилганини ҳам иддао қилди, аммо бирон давлат номини тилга олмади. Президентнинг сўзларига кўра, мақсад "Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган".
Ўзбекистон расмийларига кўра, Нукусда 1-2 июль кунлари мамлакатнинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистоннинг “суверен” мақомини бекор қилиш таклифига қарши бошланган оммавий намойишлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олингани маълум қилинган.
Хўш, мустақил ва очиқ тергов қандай ўтказилиши мумкин? Ўзбекистон ҳукумати тўлиқ, мустақил ва шаффоф терговга рози бўладими?
Озодлик бу ва бошқа саволларни “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги собиқ тадқиқотчиси, ҳозирда Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми дастур раҳбари Эллисон Гиллга берди.
- Президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеаларни тергов қилиш бўйича комиссияга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам киришини айтди. Бу ЕИ, АҚШ ва БМТ айтаётган ҳар томонлама, мустақил, холис ва шаффоф текширув учун етарлими?
Эллисон Гилл: Бу жуда яхши савол. Аввало, мустақил тергов нима эканлигини ва нима учун муҳимлигини билиш жуда муҳим деб ўйлайман. Мустақил тергов - бу ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тахмин қилинган ҳолларда нейтрал учинчи шахслар томонидан олиб бориладиган терговдир. Мустақил терговнинг мақсади фактларни аниқлашдан иборат. Ва бундай терговга ҳукумат, ҳукумат кучларига ва айни пайтда намойишчилар ёки фаолларга қарши жиддий айбловлар мавжуд бўлган ҳолатларда зарурат туғилади. Шунингдек, давлат идоралари, муассасалари заиф ёки уларга жамоатчилик ишончи йўқ бўлиб турган пайтда мустақил тергов ёки мустақил тергов ўтказиш жуда муҳим. Менимча, бугунги кунда Ўзбекистонда вазият шуни тақазо этмоқда.
Аслида Мирзиёев таклифи ёмон идея эмас, агар бу ҳақиқатан ҳам мустақил тергов бўладиган бўлса. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати учун бу муҳим синов бўлади.
- Андижон воқеаларидан сўнг халқаро текширувга чақириқлар ҳам янграганди? Ҳозир, Қорақалпоғистондаги воқеаларда халқаро текширув талаби борми? Халқаро текширув ўзи нима? Қандай ҳолатларда ўтказилади?
Эллисон Гилл: Мустақил терговларнинг узоқ тарихи бор. Бу фактларни аниқлаш миссиялари, тергов комиссиялари ёки мустақил текширувлар бўлиши мумкин. Фақат БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигини оладиган бўлсак, кўплаб инқирозли ҳудудларда, масалан Украина, Мянма, Ғазо, Ливияда олиб борилган мустақил терговларнинг узундан узоқ рўйхати бор.
Мавзуга алоқадор Ахборот қамали. Мирзиёев Нукусда “каримовча тактика"ни қўллаяптими?-Сиз Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу каби текширувда ҳамкорлик учун сиёсий иродани кўряпсизми?
Эллисон Гилл: Мирзиёев ҳукумати учун синов бўлади. Мирзиёев ва унинг ҳукумати Ўзбекистонни "Янги Ўзбекистон" деб эълон қилди ва амалдаги ишлар ҳам шунга яраша бўлиши керак. Жаҳон андозалари, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва жиддий қонунбузарлик ҳолатларида ҳақиқий тергов ўтказишга имкон берадиган тизим бўлиши керак. Шунинг учун бу Мирзиёев ҳукумати учун муҳим синов бўлади, деб ўйлайман.
-Қурбонлар ва яраланганлар сонига қаралса, ҳаддан ташқари куч ишлатганлик эҳтимоли қанчалик, деб ўйлайсиз?
Эллисон Гилл: Мен бундай тахмин ва фаразлардан эҳтиёт бўлган бўлардим. Нима бўлганини билмаймиз ва бу холат мустақил тергов ўтказиш заруратини кўрсатади. Чунки масъул идоралар маълумотларга киришни чеклаб қўйган, интернет ўчириб қўйилган, журналистлар ва бошқалар нишонга олинмоқда. Бу ҳолат расмийларга воқеанинг ўз версияларини кўтариб чиқишларига имкон беради, холос. Ҳар-хил тахминлар, фаразлар урчишига ўрин қолдирмаслик учун ҳақиқий объектив холис мустақил тергов керак, терговчиларга фактларни аниқлаш учун барча маълумотларга, гувоҳлар ва жабрланганлар билан суҳбатлашишларига имконият берилиши керак. Лекин, ҳозир бундай нарса бўлаётганини кўрмаяпмиз.
- Мирзиёев нотўғри куч ишлатганлик ҳолатлари аниқланса, жавобгарлар жазога тортилади, деди. Сиз бунга ишонасизми?
Эллисон Гилл: Мирзиёев ҳукуматида хавфсизлик хизматларини жавобгарликка тортиш истаги борлигини кўряпмиз, лекин ҳаддан ташқари куч қўллаш ҳолатлари ёки бошқа турдаги суиистеъмолларга қандай жавоб чоралари кўргани ҳақида билмаймиз. Ахборот олиш имкони йўқ.
- Воқеалар бўйича одил судлов ўтказилади, деб ишонишга асос борми?
Эллисон Гилл: Охирги саволга жавобимда айтганимдек, одил судлов билан боғлиқ масалаларда жуда кўп муаммолар бор. Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик билан маслаҳатлашиш ёки бу жараёнда жамоатчилик иштирокини таъминлаш борасида ҳам муаммо мавжуд. Яна бир хавотирли жиҳат-ҳукуматнинг дастлабки муносабати хавфсизлик хизматларининг ҳаракатларига эмас, намойишчиларнинг ҳаракатларига қаратилган, бу хавотирли. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи тизимнинг бир қисми бўлишга тайёр эканлигини кўрсатиши учун ҳозир яна бир имконият туғиляпти. Лекин менимча, дастлабки белгилар жуда ташвишли.
- Ҳар томонлама ва мустақил текширув ўтказилмагани тақдирда Ўзбекистон ҳукумати учун қандай оқибатлар бўлиши мумкин?
Эллисон Гилл: Бу ҳақиқатан ҳам яхши савол. Мирзиёев ҳукумати кўп жиҳатдан Каримов давридан масофаланаётганини кўрсатиш учун чоралар кўрди. Кўп ўзбеклар билан бўлган суҳбатларимдан маълумки, одамлар шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳаёт яхшироқ, шахсий адолат яхшироқ эканлигига ишонч ҳосил қилишмоқда. Лекин ҳукумат кучли институтларни қуришда сустлик қилмоқда. Ўйлайманки, Қорақалпоғистондаги муаммо конституциявий ислоҳотни амалга ошириш жараёнида чинакам жамоатчилик маслаҳати ва халқ иштироки заифлигини кўрсатди.
Мирзиёев ҳукумати глобал институтларга қўшилиш ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётидаги иштирокини, БМТ ва бошқа турдаги давлат институтларидаги иштирокини қайта тиклаш борасида жуда ўйлаб ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлаган бўлардим. Каримов давридаги Ўзбекистон анча яккаланиб қолган эди. Менимча, Мирзиёев ҳукумати ортга қайтмаслиги жуда муҳим.
- Андижон воқеаларидан кейин, биламиз, хусусан, Европа Иттифоқи воқеалар учун масъул ҳукумат мулозимларига санкция қўллаганди...
Эллисон Гилл: Мен Европа Иттифоқи ёки АҚШнинг иштаҳаси ҳақида спекуляция қилишни хоҳламайман. Менимча, кўп нарса ҳукуматнинг нақадар шаффоф иш тутишига боғлиқ. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон иқтисодиётни кўтариш, хусусан, пахта- тўқимачилик соҳасида, нафақат тўқимачилик, балки бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун халқаро компанияларни чақирмоқда. Лекин Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича чинакам адолат қарор топмас экан, ишонч сўнади, қонун устуворлиги мустаҳкам эмаслиги, бизнес учун қулай муҳит йўқлиги ҳақида хорижий инвесторларга эслатма юборади. Агар ҳукумат чинакам мустақил тергов ўтказилишини уддаласа, бу ташқи дунё учун яхши мужда бўларди.
Мавзуга алоқадор Қорақалпоғистон: Ҳибсга олинганларнинг бир қисми қўшни вилоятларга олиб кетилган