Антикоррупция агентлиги “Sevimli” атрофидаги манфаатлар тўқнашувини ўрганмоқда

Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Sevimli телеканалида намойиш этилган "Сабрия" ва "Дайди қизнинг дафтари" сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини Озодликка айтганди. 

Ўзбекистоннинг Антикоррупция агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлигини текширмоқда.

Агентликнинг билдиришича, манфаатлар тўқнашуви ва фильмларни яратиш учун субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича суриштирув бошланган.

"Газета.uz" нашрининг Антикоррупция агентлиги матбуот котиби Дурдона Очиловага таяниб хабар беришича, "манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, давлат харидлари, шунингдек, субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича" ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилмоқда.

Пайшанба куни Sevimli телеканали таъсисчиларининг қарори билан телеканал бош директори вазифасини бажарувчи Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўзи эса телеканал кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди.

Бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар янграган.

Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Аввалроқ, Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Sevimli телеканалида намойиш этилган "Сабрия" ва "Дайди қизнинг дафтари" сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини Озодликка айтганди.