"Ҳаммаси мақсадли ишлатиляпти" - Мирзиёев ташқи қарз бўйича хавотирлар ўринсиз эканини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ташқи қарзи ортиб бораётгани ҳақидаги хавотирлар асоссиз эканини айтди.

19 февраль куни Тошкентнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларига ташрифи пайти фаоллар билан учрашувда Мирзиёев четдан олинаётган маблағлар мақсадли ишлатилаётганини айтди.

"Агар биз зарур ресурсларни жалб қилмаганимизда қиймати 500 млн долларлик метро лойиҳаларини амалга ошира олармидик? Шунча қурилишларни тезкор бажарармидик? Ҳозир шунча аҳоли уйли-жойли бўлди, метродан минглаб одамларимиз фойдаланяпти. Заводлар қуряпмиз, иш ўринлари яратяпмиз.

Ташқи қарз шу халқимизнинг фаровонлигига хизмат қиляпти. Энг муҳими – ташқи қарз миқдори қонун доирасида. Ташқи қарз ҳам ҳамма давлатларга берилмайди: ишонч борки, бизга тақдим қилишяпти. Ҳаммаси мақсадли ишлатиляпти ва вақтида қайтарилади. Бошқа давлатлар ташқи қарзи билан солиштирганда бизники анча паст кўрсаткичда”, – деди Мирзиёев.

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Банкуотч“ (Bankwatch Network) ташкилоти шу ой бошида Ўзбекистонга юзлаб миллион доллар кредитлар ажратаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) лойиҳаларида “шаффофлик ва мулоқот етишмаслиги”дан хавотир билдирган, очиқликнинг йўқлиги маблағларнинг мақсадли сарфланишини савол остига қўйишини айтиб чиққанди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йилда Ўзбекистонга рекорд даражада кўп - 690 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратгани хабар қилинган.

Айни пайтда ЕТТБнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бош сўзчиси Антон Усов Озодлик билан суҳбатда “Банкуотч“ хавотирларини рад этганди.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистон Европа банкидан "рекорд даражада" қарз олди. Маблағлар қандай сарфланмоқда?

2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 37,6 млрд долларга етган.

Амалдаги қонунчиликка биноан, давлат қарзининг қолдиғи ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак. 2021 йилнинг бошида ЯИМга нисбатан давлат қарзининг ҳажми 38,8 фоизни ташкил этган. 2021 йил давомида эса бу кўрсаткич давлат қарзининг ўсиш темпи барқарорлашгани ҳисобига пасайгани маълум қилинган.