Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганларни жавобгарликка тортиш таклиф этилди

Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилганлик хатти-ҳаракатлари ва жуда кўп миқдордаги давлат харидларига оид манфаатли битимлар тузилишига эришиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарликни белгилаш, яъни бундай қилмишни формал таркибли жиноят сифатида эътироф этиш таклифи билдирилмоқда.

Бу ҳақда "Қалампир" нашри Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот котиби Дурдона Очиловага таяниб хабар қилди.

Очилованинг таъкидича, агентлик томонидан 2021 йил давомида давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасида бюджет буюртмачиларининг 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талабларини бузганликлари аниқланган.

Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари олдини олиш, хусусан буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда ҳам манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви бўйича жазо тайинлаш таклифи Sevimli” телеканали можароси манзарасида илгари сурилмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли билан текширув бошланган эди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги томонидан шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланган.

Жорий йилнинг 25 январь куни Бош прокуратура томонидан Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) нинг 4-қисми билан маъмурий иш ҳам қўзғотилган.

Бундан олдин умумий қиймати қарийб ярим триллион сўмга тенг Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино реконструкцияси ва автотураргоҳ қурилиши лойиҳасининг ҳеч қандай тендерсиз берилгани ҳукумат доираларидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги саволларни ўртага чиқарганди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистонда Қурилиш вазирининг оиласи қарийб ярим триллион сўмлик давлат лойиҳасини қўлга киритди

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри ҳужжатларига кўра, “Трест-12” ширкатининг 51,1 фоизлик акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигига, 19,1 фоизи эса Қурилиш вазирининг рафиқаси Муаззам Зокировага, 14,1 фоизлик акцияси вазирнинг ўғли Жасур Зокировга тегишли.

Озодлик илгари ҳам бир қанча қурилиш лойиҳалари Тошкент шаҳар ҳокимига алоқадор гуруҳлар асос солган ширкатларга тендерсиз инъом этилгани ҳақда хабар берган.