Сенат раисининг янги биринчи ўринбосари Ўзбекистонга нима қилиб беради?

Ўзбекистондаги кам сонли либерал фикрли сиёсатчилардан бири сифатида танилган Содиқ Сафоев янги таъсис этилган лавозим - Сенат раисининг биринчи ўринбосарлигига тайинланди.

Сафоев халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалаларидаги фаолиятни такомиллаштириш масалаларини назорат қилади.

1 декабрь куни Тошкентда ўтган Press Club: Elections.uz-2016 брифингида чиқиш қилган сенатор Содиқ Сафоев “Хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи қонунлар қабул қилинмаса, инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатланмаса, сармоядорлар учун қулай муҳит яратилмаса, иқтисодий ўсиш бўлмайди. Яъни, демократизация бўлмаса, иқтисодий тараққиёт ҳам йўқ”, деган эди.

Янги лавозимга тайинлангунча ҳам Содиқ Сафоев деярли шу масалалар билан шуғулланган – у Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси эди.

"Сафоев - яхши мутахассис"

Сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев Содиқ Сафоевнинг Сенатдаги мавқеи баландлатилганини Шавкат Мирзиёвнинг яқинда, Конституция кунида айтган фикри билан боғлади.

7 декабрь куни Ўзбекистон конституциясининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишда сўзлаган нутқида Мирзиёев: “Хорижий сармояларни ва илғор технологияларни иқтисодиётга жалб этиш учун чет эллардаги дипломатик ваколатхоналаримиз жиддий иш олиб бориши лозим. Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш, чет мамлакатлардаги элчиларимиз нафақат сиёсий, айни вақтда юртимизга инвестицияларни жалб қилиш масалалари билан ҳам фаол шуғулланишлари даркор”, деганди.

Турсун Қоратоевнинг фикрича Сафоевнинг янги лавозимга тайинланиши Шавкат Мирзиёев белгилаган йўлдаги биринчи қадамдир ва бу қадамнинг тўғри эканлигини шарҳловчи бундай тушунтирди:

“Содиқ Сафоев мутахассислиги бўйича иқтисодчи. 90 йиллар бошида у Президент девонида иқтисодий масалалар билан шуғулланган, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантиришда унинг тажрибаси катта”, деди Турсун Қоратоев.

"Мирзиёев ишонган одамларини ўз атрофига йиғаяпти"

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Остона шаҳридаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаевнинг фикрича, Сенат бошқарувида амалга оширилган ўзгаришдан чуқур маъно излашнинг кераги йўқ.

“Президент Сенатда ўзининг ишончли одами бўлишини истаётган бўлиши мумкин, холос. Сенат раиси бошқа ишга ўтиши мумкин, иссиқ жон – оғриб қолиши мумкин. Ана шундай пайтда Сенат Президент ишонадиган одамнинг қўлига ўтади”, деди Сапарбой Жубаев.

"Мирзиёевни мақтамаган, аксинча, унинг олдида турган вазифаларни санаб ўтган"

Францияда яшаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, гўёки, Сапарбой Жубаевнинг фикрларини ривожлантиргандай бўлди:

- Шавкат Мирзиёев ҳокимият пиллапояларидан кўтарилаётган пайтда унинг кўзида кимки авторитет бўлиб кўринган бўлса ва кейинчалик ҳам илиқ муносабатларини сақлаб қолган бўлса, ўша шахсларни ҳокимиятга қайтараяпти ёки кўтараяпти ва шу йўл билан у ўз командасини йиғаяпти ва ўз позицияларини мустаҳкамлаяпти”.

Бу фикрни айтган Камолиддин Раббимов Содиқ Сафоевнинг шахсидан, қарашларидан келиб чиқиб, унинг Сенатдаги позицияси мустаҳкамланганини тўғри қарор, деб баҳолади ва бундай деди:

- Мирзиёвга Каримовдан оғир мерос қолди. Иқтисодий-ижтимоий муаммолар Мирзиёевнинг ҳокимияти учун биринчи навбатда ҳал қилиниши лозим бўлган фундаментал муаммодир. Содиқ Сафоев Мирзиёев президент вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланаётганда ҳам Мирзиёевни мақтамаган, аксинча, унинг олдида турган вазифаларни санаб ўтган эди, деди Камолиддин Раббимов.

Содиқ Сафоевга яқин мулозимлардан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, Сафоев янги лавозимга тайинлаганидан сўнг “масъулияти ошганини тўла ҳис қилаётганини, бироқ ўз олдида турган вазифаларни бажаришга тайёр” эканлигини айтган.

Содиқ Сафоев Сенат раиси биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганидан сўнг Россиянинг “Независимая газета”си мухбирига бундай деди:

“Назаримда, мамлакатнинг бўлажак раҳбарияти амалга оширадиган ислоҳотлар алгоритмини ҳозирданоқ сезиш мумкин. Бу биринчи навбатда иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ конкрет масалалар ечимидир. Тадбиркорни реал эркинлик билан таъминлашдир. Унинг фаолиятига ҳар қандай аралашувга, мулозимларнинг зўравонлигига чек қўйиш керак. Бу ҳақда илгари ҳам гапирилган, лекин бугунга келиб заруратга айланди”.

62 ёшли Содиқ Сафоев 1993 йилда ва 2003-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган. 2005 йилдан бери у Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасини бошқариб келади.