Сарлавҳага чиқарилган гап Ўзбекистон туманларидан бири ҳокимлигида яқинда матбуот котиби сифатида иш бошлаган ëш мулозимдан келган мактубдан олинди.
Бу мактуб¸ муаллифнинг айтишича¸ Озодликда яқинда чоп этилган мақолага муносабат сифатида туғилган.
Давлат идораларида яқинда очилган янги штат бўйича ишга олинган юзлаб матбуот котибларининг айни вазиятда эканини таъкидлаган муаллиф¸ ўз мактубини жамоатчиликка тақдим этишни истади.
Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қуйидаги матн таҳрирсиз, муаллиф имло ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилмоқда.
Мавзуга алоқадор Туман ҳокими ўринбосарига тенглаштирилган матбуот котиблари ойликсиз ишламоқда
------------------------------------------------------------------------
Давлат раҳбари Ш.Мирзиёевнинг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги" 4366- сонли қарори чиққач, барча ташкилотларга ёппасига матбуот котиблари ишга олина бошлади.
Журналист ва блогерларга берилаётган эркинлик, ўзгаришлар кўпчилик қатори мени ҳам анча хурсанд қилди. Қарор мазмуни билан танишгач ва шахсан ҳар бир ташкилот-у идораларнинг раҳбари ўзи бош бўлиб, зир югуриб матбуот котиби излаши, бўлажак номзодлар билан суҳбатлашганда берилган ваъдаларнинг оҳанрабоси мени ҳам анча шошириб қўйди.
Матбуот котиби ташкилот раҳбарининг муовини даражасига кўтарилиши, унинг ойлик маоши муовинларга тенглаштирилиши , энг сўнгги русумдаги техника билан жихозланиши , ходимлар штати ажратилиши, буларнинг ҳаммаси мазза қилиб ишлаш ва янгидан-янги ғояларни юзага чиқариш, қолаверса ўша ташкилот имижини кўтариш учун энг зўр имконият¸ десам адашмаган бўламан.
Хуллас-калом, мен ҳам яхшигина бир ташкилотнинг матбуот хизматига ўтдим. Афсуски¸ чучварани хом санаганим бир пасда аён бўлди қўйди. Ортимизда қалқондек турган президент қарори ҳаммага ҳам эмас¸ балки вазирлик ва қўмиталардаги матбуот хизматлари ( ёки таниш-билиши бор ўз сўзини ўтказа оладиган ташкилотлар¸ масалан ДХА, солиқ ва ички ишлар тизимидаги ) учунгина эканлигини¸ ваъда қилинган раҳбар муовинлиги у ерда турсин ойлик маоши 1 млн 200 дан ошмаслигини энг қизиғи матбуот котиблари фақат жадвал тўлдириш-у , ҳисобот жўнатишдан бошқасини қойиллатмасликларни билиб қолдим.
Гоҳида улгролмай ҳам қоламиз - АОКА га ҳисобот жўнатайликми ёки уларн жўнатган (бўлар-бўлмас) нарсаларни Телеграм каналида эълон қилайликми , вазирликнинг топшириғини бажарайликми?...Маош ва бошқа нарсалар ҳақида ҳеч ким аниқ жавоб бергиси келмайди. Изоҳ сўрасангиз “кўрилаяпти биз ҳам шундан умидвормиз , бўлади , насиб бўлса “ каби бир тийинга қиммат жавобларни оласиз. Модомики¸ ойлик маошдан дарак йўқ экан , ёки давлат раҳбарининг айнан матбуот котибларига келганда чиқарилган қарори бажарилмас экан , “урро –ур”қилиш ва “подадан олдин чанг чиқаришнинг” нима кераги бор эди?
Ростини айтсам¸ мен ҳам Саидахонимдан умидвор эдим. Шу кунгача ана бўлади, мана бўлади деган сўзлар билан кўнглимга сув пуркаб юрган эдим. Афсуски¸ Саида Мирзиёеванинг АОКАдан кетиши менинг ҳам шаштимни сўндирди.
Энди нима бўлади ? Баъзи матбуот котибларига ўхшаб¸ йўқ штатда ойлик маош олиб юрган ҳамкасбларимизнинг аҳволи нима кечади?( маълум бўлишича уларга ойлик бераётган ташкилот раҳбарлари штат келса ойлик маошининг фарқини қайтаришни бўйнига қўйишган, агар шундай бўлса штат келмай қолса нима бўлади бечора матбуот котиби судлашиб юрадими ? ) Хуллас...Матбуот котиблари кимга қулоқ солишни ҳам билмайди. “Менинг икки онам бор¸ иккиси ҳам меҳрибон “ шу шиор остида юришибди бечора матбуот котиблари.
Ҳокимларнинг хато ишлари ижтимоий тармоқларга чиқиб кетганда ёки ошкор бўлиб қолганда уларни оқлаб, йўқ хислатлар билан мақтаб турли хўжа кўрсинга расмлар қўйилган мақолалар билан халқни алдаш жонимизга тегди.
Эслатма: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.