OzodMikrofon: “Коронавирус туфайли Жиззахда исириқфурушларнинг куни туғди!”

OzodMikrofonга боғланган жиззахлик Гулининг айтишича, Ўзбекистонда ҳам коронавирус юқтирганлар аниқлангани тўғрисида хабарлар пайдо бўлгани кейинги бир кун ичида нарх-наво ошиб кетганидан шикоят қилди.

16 март куни Озодликка боғланган Гули Жиззах бозорларидаги шу кунги нарх-навони гапириб берди:

- Жиззахдаги бугунги нарх-наво жуда баландда. Масалан, кеча картошканинг каттаси 3 минг, кичкинаси 2 минг сўм эди. Ҳозир кичкиналарининг нархи 4 минг-5 минг, катталари 6 минг сўм. Пиёз нархи 2,5 -3 минг, илгари 2 минг эди. Ун эса йўқ, дўконларга кириб сўрадим, йўқ дейишди. Тиббий ниқоблар нархи 2,5 минг сўм бўлган, илгари 500-1000 сўм эди. Кейин метрлик бинтлар бор, марли деймиз, уларнинг 1 метри 1,5 минг сўм эди, ҳозир 3 минг деяпти. Ниқобни марлидан ўзимиз тикишга мажбурмиз. Кейин исириқнинг битта боғи илгари 1,5 минг, 1000 сўм эди. Ҳозир битта боғ исириқ 10 минг сўм, 5 минг айтаяпти. Яна исириқ қолмаган ҳам. Топиш қийин.

Жиззахлик Гули билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Суҳбатни тинглашдан олдин мана бу хабар билан ҳам танишиб қўйишни тавсия қиламиз:

"Ўзбекозиқовқатхолдинг": Ваҳимага ўрин йўқ. Озиқ-овқат етарли!

Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноатида 12 мингдан зиёд корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу корхоналар ўз режимида ишламоқда. Корхоналарнинг аксариятида иш 1 сменада ташкил этилган ва қувватларнинг 70 фоизидан фойдаланилмоқда. Уларда яна қўшимча 30 фоиз қувватни ишга солиш ва ишни 2 сменада йўлга қўйиш имкониятлари мавжуд.

Бу баёнотни "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси ахборот хизмати компания расмий сайтида эълон қилди.

Компания ўз баёнотини "Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги бўлмайди", деган сарлавҳа остида эълон қилди

"Мамлакатда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча хом ашё Ўзбекистонда етиштирилади. Четдан какао ва қаҳва донлари, цитрус мевалар каби маҳсулотлар импорт қилинади" дейилган компания баёнотида.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Жиззахлик Гули билан суҳбат


-----------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!