Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 00:06

Бемор аёл билан бир самолётда келган 24 ўзбекистонлик карантинга олинди (ВИДЕО)


Коронавирус инфекциясини аниқлаш учун олинган намуна (иллюстратив сурат)

COVID-19 инфекцияси аниқланган тошкентлик аёл билан бирга учган 24 ўзбекистонликнинг ҳаммаси карантинга олинди.

Аёл билан бирга яшайдиган 10 оила-аъзоси ҳам Вирусология институти клиникасига ётқизилди.

Расмий хабарга кўра, аёл яшаган кўпқаватли уйдаги хонадонлардан 230 киши тиббий кузатувга олинган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистонда аниқланган илк беморга оид қўшимча маълумотларни эълон қилди.

Агентликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилишича, бемор 2020 йилнинг 28 февралдан - 11 мартига қадар Францияда саёҳатда бўлган.

11 март куни соат 6:00 да Париж-Тошкент 252-рейси билан Тошкентга учиб келган.

Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган ва касаллик белгилари аниқланмаган. Асосий яшаш манзили бўйича уй шароитида 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

13 мартга келиб эса бемор томоғида қичишиш, тана ҳарорати кўтарилиши ҳамда йўтал белгилари билан шифохонага ётқизилган ва 15 март куни коронавирус тасдиқланган.

Расмий маълумотга кўра, самолётда у билан бирга учган 48 кишидан 24 нафари транзит орқали, мамлакатга кирмай, бошқа давлатларга учиб кетган.

Ўзбекистонда қолган 24 киши эса 14 кунлик карантинга олинган ва махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилган.

Айни пайтда, Тошкент халқаро аэропортида 11 март куни ишлаган чегара қўшинлари, божхона, аэропорт ходимларидан иборат 69 киши рўйхатга олинган ва махсус муассасаларда 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Бемор оиласининг 10 аъзоси тўлиқ текширувдан ўтказиш учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига жойлаштирилган.

Бемор яшаган кўп қаватли уй ва бемор хонадонида дезинфекция тадбирлари ўтказилган.

Шу билан бирга, бу уйдаги 230 киши тиббий кузатувга олинган.

Айни пайтда, Озодликка 11 март куни Париждан борган бемор, унинг қўшнилари ва бемор билан бирга учган йўловчилар ҳақида маълумотлар келмоқда.

Жумладан, ​Озодликка ана шу йўловчилардан бирининг Тошкентдаги Ц-1 массивидан карантинга олиб кетилаётган йўловчи видеоси келиб тушди.

Бундан ташқари, Озодликка Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига яқин ишончли манба берган қўшимча маълумотга кўра, бемор Тошкентнинг Қўйлиқ массивидаги кўпқаватли уйда яшайдиган 48 ёшдаги ишбилармон аёлдир.

Манба тақдим қилган маълумотга кўра, бу аёл "коронавирус инфекцияси тўғрисида тушунчага эга бўлган врач гинеколог, Тошкентда хусусий клиникаси бор".

Яна бир қўшимча маълумотга кўра, аёл 2020 йилнинг 28 февраль - 10 март кунлари Францияда бўлган ва бу орада Гваделупа оролига кемада 8 кунлик саёҳатга борган.

Озодлик бу аёлнинг исми, манзилига эга ва маълум сабабларга кўра, буни ошкор қилмаётир.

15 март куни Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олган илк бемор аниқланиши ортидан Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида шошилинч йиғилиш бўлиб ўтди.

Ҳукумат йиғилишида қатнашган қатор маҳаллий нашрлар ва блогерлар, жумладан, davletovuz Telegram каналининг хабар қилишича, мажлисда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун кескин чоралар белгиланган:

- 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади: фуқароларнинг четга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланади, хориждаги ўзбекистонликлар қайтиши учун шароит яратилади;

- 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчлар баҳорги таътилга чиқарилади - ёпилади. Айтилишича, бу таътил 3 ҳафта давом этиши мумкин;

- Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилинди, Тошкентдаги талабаларнинг уйларига - вилоятларга қайтиши учун темир йўл ва авиачипталарга 50 фоиз чегирма берилади;

- Коронавирус вақтида фуқаролар саволларига жавоб бериш учун 16 мартдан Ягона колл-марказ ташкил қилинади;

- Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади;

- Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилди.

XS
SM
MD
LG