Пандемия муаммолари: Польшада тиббиёт ходимлари меҳнат шароитидан норози

Иллюстратив сурат

Польша пойтахти Варшавада мамлакатнинг турли жойларидан келган шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш тизимига салбий таъсир этишда давом этаётган COVID-19 пандемияси манзарасида иш ҳақи камлиги ва меҳнат шароити ёмонлигига қарши намойиш ўтказишди.

Улар 12 сентябрь куни соғлиқни сақлаш тизими молиявий қийинчиликлар туфайли қулаши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи плакатларни кўтариб, ҳукумат биноси олдида тўпланган.

Шу куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида COVID-19 билан боғлиқ чекловларга қарши норозилик намойишлари ўтказилди. Оломон шаҳарнинг Осиё қисмидаги Малтепе мавзесига йиғилди. Намойишчилардан бири “Биз озод туғилдик, озод яшашни хоҳлаймиз”, деб ёзилган плакат билан чиққани маълум қилинган.

Қўшма Штатларда Нью-Йорк шаҳридаги касалхона, қисман COVID-19 га қарши эмланиш талаби манзарасида ходимлар ишдан бўшаётгани сабабли, ҳомиладор аёлларни қабул қилишни тўхтатишини эълон қилган. Ўтган ҳафта Льюис округи касалхонаси туғруқ бўлимининг олти ходими ишдан бўшаши натижасида ходимлар танқислиги муаммоси бадтар чуқурлашган, дея хабар қилмоқда маҳаллий ОАВ.

Коронавируснинг ўта юқумли “Дельта” штамми АҚШда кунига 1500 га яқин инсон ўлимига ва 150 минг киши касалланишига сабаб бўлмоқда. Президент Жо Байден вирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида эмловнинг янги федерал қоидаларини жорий этиш бўйича фармон чиқарган.