Париж-2024 Олимпиадаси ғолибларига ҳам $200 минг берилади

Ўзбекистонлик спорт ишқибози.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан 2024 йилда Франция пойтахти Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган ўзбекистонлик спортчилар олтин медаль олса 200 минг доллар, кумуш медаль олса 100 минг доллар, бронза медаль олса 50 минг доллар билан мукофотланади.

2021 йилнинг 23 июль – 8 август кунлари бўлиб ўтган Токио Олимпия ўйинларида ғолиб бўлган ўзбек спортчилари ҳам ҳудди мана шу миқдорда мукофотланган эди.

Токио Олимпиадасида 71 нафар ўзбек спортчиси 17 спорт турида иштирок этган. Унда Ўзбекистон терма жамоаси бешта — учта олтин ва иккита бронза медал олган ва умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгаллаганди.