Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдан арман миллатига мансуб аҳоли ёппасига чиқиб кетаётганини қайд этиб, Озарбайжонни этник тозалаш сиёсати юритаётганликда айблаб чиқди.
Пашиняннинг матбуот котиби Назели Багдасарянга кўра, 28 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10.00 ҳолатига Тоғли Қорабоғдан Арманистонга 66 минг 500 киши келган, бу эса 120 минг киши яшайдиган минтақа аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этади.
“Бу тўғридан-тўғри этник тозалаш ва депатриация (ватандан маҳрум қилиш) ҳаракати бўлиб, бу ҳақда Арманистон томони анча олдин халқаро ҳамжамиятни огоҳлантирган”, деган Пашинян 28 сентябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида. У халқаро ҳамжамиятни конкрет саъй-ҳаракатларга чақирган.
“Тоғли Қорабоғдаги этник тозалашларни қораловчи турли халқаро ўйинчиларнинг баёнотлари муҳим, аммо агар улар ортидан конкрет саъй-ҳаракатлар ҳам амалга оширилмаса, бу баёнотлар шунчаки тарих учун маънавий статистика яратиш сифатидагина қаралади”, деган Пашинян.
Арманистон бош вазирлигига кўра, таҳлиллар яқин кунлар ичида Тоғли Қорабоғда арманлар қолмаслигини кўрсатмоқда.
Аввалроқ тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбари Самвел Шахраманян 2024 йилнинг 1 январидан унинг тугатилиши ҳақида фармон имзолаган эди. Мазкур қарор Озарбайжон ҳарбий амалиётидан юзага келган ҳарбий-сиёсий вазият туфайли қабул қилингани айтилган. Амалиёт ортидан минтақа тўлалигича Боку назорати остига ўтган эди.
Шахраманян фармонида Озарбайжон вакиллари билан “қуролини топширган ҳарбийлар дохил Тоғли Қорабоғ турғунларининг Лочин коридори орқали эркин, ихтиёрий ва тўсқинликсиз ўтиши” таъминланаётгани қайд этилган.
Озарбайжоннинг шу йил 19 сентябридаги бир кунлик ҳарбий амалиётидан кейин тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари жанговар ҳаракатларни тўла тўхтатиш ҳақида келишувга эришилганини билдиришган. Озарбайжон ҳарбийлари ва Россия тинчликпарвар кучлари 24 сентябрь куни кутилмаганда Арманистон билан Тоғли Қорабоғни боғлаб турувчи ягона йўл бўлмин Лочин коридорини ёпиб қўйганидан кейин, Би-би-си қайдича, Тоғли Қорабоғ турғунлари Арманистон томон ошиқа бошлашган.
Озарбайжон расмийлари 28 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукуматининг собиқ раҳбари Рубен Варданянга террорчиликни молиялаштирганлик айбловини эълон қилишган. Варданян 27 сентябрь куни бошқа қочқинлар билан биргаликда Озарбайжон ва Арманистон чегарасидан ўтишга уринаётган пайтда қўлга олиниб, Бокуга йўлланган эди. Варданян ТҚР бош вазири лавозимида тўрт ойдан камроқ ишлаган, у мазкур лавозимдан шу йил февралида озод қилинганди.