Самарқанд вилояти Пастдарғом туман ҳокимияти икки нафар ишчининг номаълум моддадан заҳарланиб ўлгани юзасидан суриштирув ўтказиш учун 23 ноябрь куни махсус комиссия ташкил қилди.
Ҳокимиятнинг билдиришича, 17 ноябрь куни тумандаги “Балхиён” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агрокимё таъминот сервис” МЧЖга киришда ўрнатилган металл контейнердан икки нафар ишчининг жасади топилган.
Дастлабки суриштирувда ишчилар номаълум моддадан заҳарланиб ўлгани аниқланган. Мазкур воқеа эса бахтсиз ҳодиса сифатида малакаланган.
Сўнгги бир-икки ой ичида Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида техник хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик оқибатида ишчи-ходимларнинг ўлим ҳолатлари қайд этилди.
Жумладан, Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 16 ноябрь куни сув қувурлари ётқизиш учун қазилган ҳудудда тупроқ ўпирилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.