Пентагон вакили Афғонистон ҳукумати кучлари мамлакатни ҳимоя қиладиган вақт келганини билдирди

Пентагон вакили Жон Кирби

Америка қўшинлари президент Жо Байден буйруғига биноан уйга қайтаётган пайтда “Толибон” Афғонистоннинг янги-янги ҳудуд ҳудудларини босиб олаётганини АҚШ “чуқур ташвишмандлик билан кузатмоқда”, дея баёнот берди Пентагон вакили Жон Кирби.

“Афғон ҳукумати қўшинлари оёққа туриб, ўз мамлакатини ҳимоя қиладиган фурсат етди”, деган Кирби Fox News телеканали эфирида. У юз бераётган воқеаларни “масъулият палласи”, деб атаган.

Афғонистон ўзини ҳимоя қилиши учун АҚШ унга қарийб 20 йил давомида миллиардлаб долларлик қурол-аслаҳа етказиб берди, бироқ Байден Америка қўшинларини 31 августгача олиб чиқиб кетиш ниятида бўлса-да, мамлакат устидан назорат тобора мавҳум бўлиб бораётир, дея қайд этган “Америка овози”.

“Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудининг 85 фоизини ўз назоратига олганини маълум қилган, лекин бу иддао устида баҳс қилиш мумкин. Аммо Кирби Fox News телеканалининг айни пайтда афғонистонликларнинг 13 миллиони — “Толибон” қўл остидаги ҳудудларда, 10 миллиони — афғон ҳукумати назоратидаги ерларда ва яна 9 миллион нафари баҳсли ҳудудларда яшаётгани ҳақидаги маълумотига эътироз билдирмаган.

Хорижий қўшинлар 2020 йил февралида – Дональд Трамп президентлиги чоғида Вашингтон билан “Толибон” ўртасида тузилган келишувга мувофиқ Афғонистондан олиб чиқиб кетилмоқда. Келишувга кўра, исёнчилар афғон ерларида террорчиликка қарши кураш олиб бориши ва Кобулдаги ҳукумат билан сиёсий тинчлик сулҳи юзасидан музокараларга киришиши керак.

Бироқ Афғонистон ичкарисидаги кучларнинг сенябрь ойида Қатарда бошланган тинчлик музокаралари жуда суст кечган ва сезиларли натижа бермаган.