Собиқ юқори мартабали мулозим, вазир, Кострома вилояти губернатори (Слюняев фамилияси билан) ва Петербург губернатори муовини лавозимларида ишлаган Игорь Албин ўз телеграм-каналида миллий телевидение ёйинида Украинага ядровий зарба йўлланиши эҳтимоли ҳақида гапирган RT раҳбари Маргарита Симоньян ва телебошловчи Владимир Соловьёвларни қаттиқ танқид қилди.
Собиқ мулозим президент Владимир Путинни “лақиллатишган”и, россияликлар ядровий урушни истамаслиги ҳақидаги мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашган.
Албин исмларни тилга олмаган ҳолда шундай ёзган: “Палидлар ва пропагандонлар жаҳаннамда ёнадилар! Владимир Владимирович, улар Сизни роса лақиллатишди. Гап болаларимиз ва набираларимиз ҳақида боряпти! Сизнинг ҳам фарзандларингиз, набираларингиз бор! Бу аблаҳларни тўхтатинг! Уруш кетаётган пайтда ўзингникини танқид қилмаслик керак! Лекин бу фахрланадиган нарса ҳам эмас. Ядровий урушда ҳеч ким ғолиб бўлмайди! Кечиринг, дўстлар”.
Собиқ мулозим Албин RT раҳбари Симоняннинг 27 апрель куни “Вечер с Владимиром Соловьёвым” дастури ёйинидаги “Ё Украинада мағлуб бўламиз, ёки Учинчи жаҳон уруши бошланади... Ўзимизни, раҳбаримиз Путин Владимир Владимировични билганим учун ҳаммаси ядровий зарба билан тугашига илгари ақл бовар қилмаган бўлса, энди шунақа бўлиши мумкинлигига тобора кўпроқ ишоняпман”, деган сўзларига муносабат билдирган. Симоньяннинг бу гапига жавобан Соловьёв: “Биз жаннатга кирамиз, улар шунчаки тўнғиз қўпишади”, дея Путиннинг машҳур иборасини такрорлаган.
28 апрелда Владимир Путин яна бир карра, урушга четдан аралашув бўлган тақдирда Россия “яшин тезлигида зарба” беришга шайлигини айтган. У айнан ядровий қуролни тилга олмаган, балки ядровий доктринага хос “жавоб-муқобала зарбаси” терминини қўллаган, шунингдек Россия ҳеч бир мамлакатда бўлмаган қуролларга эга эканини айтган.
АҚШ президенти Жо Байден 28 апрелдаги чиқишида Путиннинг сўзларини изоҳлар экан, мазкур риторикани “бемулоҳаза” деб атаган.
Россия ТИВ вакили Мария Захарова 28 апрель оқшомида “Фейсбук”да “руслар ядровий уруш билан таҳдид қилишмоқда” деган тезис “ёлғон ва туҳмат” экани ҳақида ёзган. Бунга далил сифатида у Россия билан бошқа ядровий давлатлар раҳбарлари ўртасида имзоланган ядровий урушга йўл қўймаслик тўғрисидаги ҳужжатни ҳамда Сергей Лавровнинг сўзларини келтирган. Аммо Захарова Путиннинг сўзларига изоҳ берган эмас.