Тошкент шаҳрида пиёдалар ўлимига олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораётган бир вақтда пойтахт ҳокимлиги ва ЙҲХБ сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаяпти, деб ёзди Gazeta.uz.
Тошкент марказида, Амир Темур кўчасида 15 февраль куни тахминан соат 20:15 да тезликни оширган 19 ёшли ҳайдовчи бошқараётган Spark аёл кишини уриб юборганини қайд этган нашр ушбу ҳодисага ЙҲХБнинг реакциясини таҳлил қилган.
Пойтахт ЙҲХБ эълон қилган видеолавҳада нозирлар ЙТҲга “ҳайдовчининг эътиборсизлиги”, “пиёдани ўтказиб юбормагани” сабаб бўлганини айтган, яъни одатдагидек инфратузилмадаги камчиликлар кўрсатилмай, жавобгарлик ҳайдовчига юкланган. Бу вақтда ЙҲХБ ходимларининг орқасида кўчанинг ўртасига етиб келган пиёдани машиналар ўтказмаётганини кўриш мумкин.
“Нима учун ЙҲХБ ва ҳокимият чорраҳалар ва ўтиш жойларида оғир ЙТҲлар содир бўлганидан кейин ҳам уларни қайта ташкил этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти?.. Ўзбекистон ЙҲХХ ва унинг бўлинмалари узоқ йиллар давомида “ҳурматли, азиз ҳайдовчилар”га эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш ҳақидаги чақириқлар, варақалар тарқатиш ва шаҳарлар бўйлаб пачоқланган машиналар ортилган “автокарвонлар”ни олиб юриш натижа бермаслигини тушуниб етиши керак эди”, деб ёзган Gazeta.uz.
Нашрга кўра, ЙТҲларни камайтириш учун кўчаларни тўғри лойиҳалаштириш ва жазонинг муқаррарлиги, қатъийлигини таъминлаш керак.
Таъкидланишича, оғир оқибатли ЙТҲлар учун масъул шахслар жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши ортидан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланган.
Жамоат фаоллари кўпдан буён мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда. Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.
Таҳлиллар пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда.