Ўзбекистон Покистонга гуманитар ёрдам жўнатди

Сув тошқинидан жабрланган покистонликлар.

Ўзбекистон аҳолиси сув тошқинидан катта зарар кўрган Покистонга 40 тонналик инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” агентлигининг ёзишича, гуманитар ёрдам ўсимлик мойи, ун, гурунч, гўштли консервалар, кондитер ва макарон маҳсулотлари, кийим -кечак ва кўрпа-тўшакдан иборат. Гуманитар ёрдам 1 сентябрь куни Исломобод шаҳрига самолётда етказиб берилди.

Июль ойининг ўрталаридан 31 августгача Покистон ҳудудининг 25 фоизида сув тошқинлари юз берган. Табиий офат оқибатида камида 1100 киши ҳалок бўлди, бир миллионга яқин турар жой бинолари вайрон бўлди ва бир неча ўн миллион покистонлик зарар кўрди.

БМТ донор давлатларга мурожаат қилиб, Покистонга зудликда камида 160 миллион долларик ёрдам кўрсатишга чақирди. Расман билдирилишича, табиий офат оқибатида 220 миллион аҳоли яшайдиган Покистонда 500 минг киши уйларини ташлаб, хавфсиз ҳудудларда ташкил этилган лагерларда яшашга мажбур бўлмоқда.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф бу Покистон тарихидаги энг кучли сув тошқини бўлганини айтди. 31 август куни қилган чиқишида Шариф “шолизорлар вайрон бўлгани”, “мева-чевалар ва сабзавотлар ҳосили тўлиқ йўқ бўлгани” ва 700 минг бош чорвани сув оқизиб кетганини айтди.