Покистон масжидида бўлган портлашни худкуш амалга оширгани маълум бўлди

Портлаш 30 январь куни пешин намози пайтида содир этилди.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда содир этилган портлашни худкуш амалга оширган. Бу ҳақда “Машъал” радиоси гувоҳларга таянган ҳолда хабар берди.

Гувоҳлар имомнинг ортида биринчи қаторда турган шахс ўзини портлатганини айтганлар. Бу воқеа 30 январда 260 дан ортиқ киши масжидда пешин намозини ўқиётган вақтда содир этилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, портлаш оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган. Масжиднинг бир қисми ўпирилиб тушиб, бир неча одамни босиб қолган.

Мазкур портлаш учун масъулиятни “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Бу ҳақда гуруҳ раҳбарларидан бири Сарбақаф Мухманд Твиттер саҳифасида эълон қилди.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф портлаш ортида турганларга “қатъий чоралар” кўрилишини билдирди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.