Ўзбекистон 2022 йил баҳоридан трансафғон темир йўлини қуришга тайёрлигини билдирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Кобул - Пешавор темир йўли қурилишини 2022 йилдан бошлашга тайёр эканини билдирди, деб хабар берди Покистоннинг The News International газетаси 20 декабрь куни.

Нашрнинг ёзишича, бу масала Покистон пойтахти Исломободда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ва Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ўртасида муҳокама қилинган.

Афғонистон пойтахти Кобулни Покистоннинг Пешавар шаҳри билан боғловчи темир йўл қурилиши лойиҳаси 4 миллиард 800 миллион долларга баҳоланмоқда. Темир йўлнинг узунлиги 573 километрни ташкил қилади.

Яқин ўртада мазкур масаланинг техник жиҳатларини муҳокама қилиш учун Толибон ҳукумати делегациясининг Тошкентга келиши кутилмоқда.

Кобул-Пешавор темир йўлини қуриш лойиҳаси 2018 йилда эълон қилиган, қурилиш эса 2021 йилнинг сентябрида бошланиши эълон қилинганди. Бироқ 15 август куни Толибон афғон ҳукуматини эгаллагани ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.