Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилди. У мамлакат тарихида ўз лавозимидан шу тариқа четлатилган биринчи бош вазир бўлди.
11 апрель куни депутатлар ҳукуматнинг янги раҳбарини сайлаш учун йиғилади. Бўлажак бош вазирга навбатдаги сайлов ўтказиладиган 2023 йил октябрига қадар мандат берилади.
Имрон Хон ҳукуматига ишончсизлик билдириш масаласини овозга қўйиш таклифи мухолифатдан чиққан. Оқибатда Миллий йиғиннинг 342 депутатидан 174 нафари вотум эълон қилишни ёқлаб овоз берган. Бунга қадар Имрон Хон парламентни тарқатиб юбориш орқали ташаббусни бўғишга уринган. Бироқ Олий суд парламент ишончсизлик вотуми бўйича овоз берилиши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган.
Мухолифат парламент қарорини хурсандчилик билан қарши олган.
Имрон Хон мухолифлари тузажак бўлғуси ҳукуматни тан олмаслигини айтмоқда. Унга кўра, мамлакатдаги воқеалар – Россия ва Хитой билан боғлиқ масалаларда Вашингтонга ён босмагани учун АҚШ бошчилигида унга қарши уюштирилган фитнадир. АҚШ маъмурияти Имрон Хоннинг бу исботсиз иддаоларини рад этган.
Мухолифат партиялари Имрон Хонни иқтисодиётни уқувсизларча бошқаришда айблаганлар. Мамлакатда сўнгги бир неча ҳафта мобайнида кескин сиёсий кураш кечаётган эди.
Собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси, “Покистон мусулмонлар лигаси” раҳбари бўлмиш мухолифат етакчиси Шаҳбоз Шариф фикрича, Имрон Хон ҳокимиятдан четлатилиши натижасида мамлакат “жиддий инқироз”дан халос бўлган.