Покистондаги масжидда содир бўлган портлаш оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлди

Покистоннинг Пешовар шаҳрида 30 январь куни худкуш шахс масжидда портлаш мосламасини ишга туширган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги мамлакат расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Нашр манбалари ҳодиса чоғида 20 дан зиёд одам ўлгани, 100 га яқин киши жароҳатланганини айтганлар. Бошқа нашрлар эса портлаш оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлганини қайд этмоқдалар.

Reuters агентлигининг ёзишича, ҳужум ортидан касалхонага 90 нафар ярадор етказилган, улардан айримларининг аҳволи ёмон экани айтилмоқда. Агентлик ҳодиса қурбонлари сони 32 нафарга етганини хабар қилган.

Портлаш масжид яқинидаги полиция бўлими ходимлари дохил 150 нафарга яқин киши намоз ўқиётган пайтда содир бўлган. Гувоҳларга кўра, портлаш натижасида масжид томи қулаб тушган. Бино вайроналари остида яна жабрланганлар бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур террор хуружи учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ.

Ҳайбар-Пахтунхва вилоятининг маркази бўлмиш Пешовар шаҳри Афғонистон билан чегарада жойлашган. AP қайдича, бу ерда жангарилар тез-тез террор хуружларини уюштириб туришади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.