Покистондан Ўзбекистонга Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали 26 та транспорт воситасида олиб кирилган мандарин партиясида қизил померанец қалқондори зараркунандаси борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Покистон карантин хизмати билан боғланганда Исломобод декабрь ойида мандарин экспорти учун фитосанитария сертификати расмийлаштирмаганини билдирган.
Шу тариқа мазкур маҳсулотлар учун тақдим этилган сертификатлар қалбаки экани ўртага чиққан.
Бунинг ортидан Тошкент Покистон мандарини учун импорт карантин рухсатномаси расмийлаштирилишини вақтинча тўхтатган.
Эндиликда Покистондан олиб кириладиган барча карантин остидаги маҳсулотлар учун берилган фитосанитария сертификати ҳаққонийлиги чегара масканларида E-Fitouz автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилади. Шунингдек, Покистоннинг электрон базасида ушбу фитосанитария сертификати мавжудлиги тасдиқлангандан сўнггина маҳсулотлар олиб кирилишига рухсат берилади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қайдича, ҳар йили қиш мавсумида Ўзбекистонда цитрус меваларига бўлган талаб ортади. Бу хил меваларнинг салмоқли қисми Покистондан импорт қилинади.