Польша бош вазири: Беларусь билан чегара буткул ёпиб қўйилиши мумкин

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий

Польша ҳукумати Беларусга нисбатан турли санкциялар жорий этиш, жумладан икки мамлакат ўртасидаги чегарани буткул ёпиб қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Эстонияда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Польша бош вазири Матеуш Моравецкий маълум қилди.

“Биз жиддий иқтисодий санкциялар қўллашда ифодаланажак кейинги қадамларимизни, шу жумладан, Польша-Беларусь чегарасини Польша томондан ёпиб қўйиш масаласини муҳокама қиляпмиз”, дея Моравецкийдан иқтибос келтирган Polskie Radio.

“Биз Лукашенконинг чекинишига ва мигрантларни улар келган мамлакатларга қайтаришига имкон бермоқчимиз”, қўшимча қилган Польша бош вазири.

Аввалроқ Польша “Кузница” (Беларусь тарафидан “Брузги”) чегара-ўтиш масканини ёпиб қўйган эди.

Беларусь-Польша чегарасида Яқин Шарқ мамлакатларидан келган минглаб мигрантлар мавжуд. 8 ноябрдан бери улар чегарани ёриб ўтишга бир неча бор уринишган. Польша ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари мигрантлар Беларусь расмийлари назоратида ҳаракат қилаётганини бир неча марта таъкидлаган.

Минск мигрантларнинг ЕИ чегарасида тўпланишида қўли борлигини инкор этиб келади. Аввалроқ Александр Лукашенко унинг мамлакати шу пайтга қадар ноқонуний мигрантлар ва гиёҳванд моддаларнинг Литвага киришига тўсиқ бўлганини урғулаган ва “мана энди уларни ўзларингиз тутиб олаверинг”, деган эди.