Польша Германиядан 1,3 триллион доллар товон пули талаб қилмоқда

Варшава Иккинчи жаҳон урушидан сўнг. 1946 йилдаги фотосурат.

Польша ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишлари учун Германиядан 1,3 триллион доллар товон пули талаб қилганини билдирди.

Польша президенти Анжей Дуда муқаддам дохил бўлган “Қонун ва адолат” сиёсий ҳаракати 2015 йилда ҳокимиятга келганидан бери мана шундай ташаббусни олға суриб келаётган эди.

Иккинчи жаҳон урушида 6 миллион поляк, жумладан, 3 миллион яҳудий фашистлар томонидан ўлдирилган. 1944 йилдаги Варшава қўзғолони пайтида тинч аҳолидан 200 минг киши ҳалок бўлган.

Польша Германиядан бундан аввал ҳам товон тўлашни талаб қилган эди. Бироқ Берлин Польша 1953 йилда Шарқий Германиядан репарация олишдан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилганини эсга олган ҳолда, бу талабни рад этиб келмоқда.

Германия ҳукумати ҳозирча Польшанинг сўнгги талабига муносабат билдирмади.

Иккинчи жаҳон уруши 1939 йилда бошланиб, 1945 йилнинг 2 сентябрида якунланган. Урушда камида 50 миллион киши ҳалок бўлгани айтилади.