Польша президенти Украина парламентида чиқиш қилди

Анжей Дуда Украинада

Польша президенти Анжей Дуда Киевга сафари доирасида 22 май куни Украина парламенти бўлмиш Олий Радада чиқиш қилди. У Россия кучлари Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаган 24 февралдан бери Киевдаги парламент биносида нутқ сўзлаган хорижлик лидерларнинг биринчиси бўлди.

Ўз чиқишида Дуда Россия тажовузи қаршисида Украинани тўла дастаклашини билдирди. У Украина Европа Иттифоқи аъзосига айланиши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширишга ваъда берди. Польша президенти Россия билан муроса қилиш йўлини ёқлаётган европалик сиёсатчиларни танқид қилди.

Дуда ўз сўзида Европада шу кунда Украина ён бериши лозимлиги ҳақида хитоблар янграётганини урғулади. Польша президентига кўра, Украинанинг келажаги ҳақида унинг ўзидан бошқа ҳеч ким қарор қабул қилмаслиги ва тинчлик шартларини тиқиштирмаслиги лозим.

Парламент биносига борган Дудага Украина президенти Владимир Зеленский ҳамроҳлик қилган. У яқин орада польша фуқароларининг Украинада алоҳида мақомга эга бўлиши ҳақида қонун лойиҳаси таклифи билан чиқишини билдирган. Ўз навбатида, Дуда икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида янги шартнома тузишни таклиф қилган.

Польша Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳамда Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришни кўпайтиришни фаол тарғиб қилмоқда. Уруш бошидан бери Польша 3 миллиондан зиёд украиналик қочқинни қабул қилган.