ОАВ: Пора билан қўлга тушган прокурор ҳокимнинг укаси экани ҳозирча тасдиқланмади

Иллюстратив сурат.

Андижонда пора олаётган пайтда ДХХ томонидан ушланган прокуратура ходими ҳокимнинг жияни экани тўғрисидаги маълумот ўз тасдиғини топмади. Бу борада Kun.uz нашри ўз манбаси ва Бош прокуратурага таяниб хабар берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Андижонда 30 минг доллар пора билан қўлга олинган прокуратура ходими Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг жияни” экани иддао қилинган хабарлар тарқалган эди.

Qalampir.uz нашрининг 13 ноябрда хабар беришича, “Андижон вилоят прокуроратурасининг кадрлар бўлими бошлиғи Қ. исмли шахс” бундан аввал “маълум вақт Андижон шаҳар прокурори лавозимида ҳам ишлаган. У пулни вилоят халқ таълим бўлимида “еб юборилган” 6,7 млрд сўмни ёпди-ёпди қилиш учун олаётган пайтда қўлга тушган”.

Kun.uz , “Дарё” ва “Газета уз” эса Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда, пора миқдори 15 минг доллар бўлганини ёзмоқда.

Хабарларда айтилишича, прокуратура ходими 12 ноябрь куни соат тахминан 23:00 ларда қўлга тушган.

Сентябрь ойида Жиззах вилоятида туман прокурори 2 минг доллар, Самарқанд вилоятида туман прокурори ўринбосари 10 минг доллар пора олаётганда қўлга тушгани хабар қилинган.