Президент фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги номи ўзгартирилди

Ўзбекистонда Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги дея қайта номланди.

Вазирлик номининг алмашишига президент Мирзиёев томонидан имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон асос бўлган.

Фармонда вазирлик қошида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилиши, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиши ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилиши назарда тутилган.

Ҳужжатда жорий йилнинг 1 июлидан “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилиниши, 1 декабргача эса шаҳар ва туманларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилиши айтилган.

Президент фармонида Миллий табиий мерос объектлари рўйхати жорий этилиши ҳам қайд этилган.