Президент газ таъминотида монополия бекор қилинишини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда, Тошкент, 2020 йил 29 декабри (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда табиий газ таъминотида монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни парламентга йўллаган мурожаатида маълум қилган.

Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” компанияси эса фақат газни транспортировка қилади”, деган Ш. Мирзиёев.

Президентга кўра, суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади.

Мирзиёев 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланишини ҳам урғулаган.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида аҳолини газ ва бошқа энергия манбалари билан таъминлаш бўйича муаммолар бу йил ҳар доимгидан ҳам яққолроқ кўриниб қолди. Президентнинг бугунги нутқидан келиб чиқилса, бунга асосий сабаблардан бири мамлакатда “монопол бозорлар мавжуд”лигидир.