Президент Шавкат Мирзиёев Кувайтга йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни расмий ташриф билан Кувайтга жўнаб кетган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф Кувайт давлати амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Кувайт шаҳрида олий даражадаги музокаралар, бир қатор ишбилармонлик ва маданият тадбирлари бўлиб ўтади”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистон президенти 17-18 февраль кунлари Кувайтга сафар қилиши ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди.

Президент матбуот хизмати қайдича, Мирзиёевнинг Кувайт давлати амири билан бўлажак саммити кун тартибидан Ўзбекистон-Кувайт дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо, инновациялар, инвестиция ва молия, "яшил" энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Олий даражада икки томонлама музокаралар якунида қатор қўшма ҳужжатлар ва битимлар қабул қилиниши кутиляпти.