Президентнинг қизи БМТнинг “тарихий” деб аталаётган анжуманида нутқ сўзлади

Саида Мирзиёева.

Президент администрацияси ижроия аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудираси Саида Мирзиёева 23 март куни Нью-Йоркда ўтаётган БМТ Сув анжуманида нутқ сўзлади.

Сув соҳаси бўйича мутахассис бўлмаган Саида Мирзиёева БМТ минбаридан Орол денгизи қуришининг оқибатлари, бу оқибатларни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳақида гапирган.

Саида Мирзиёевага кўра Орол денгизи “ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда”.

БМТнинг 23-24 март кунлари ўтказилаётган Сув анжуманида 198 давлат вакили қатнашмоқда. Мазкур анжуман сўнгги марта бундан 45 йил муқаддам ўтказилган эди. Шунинг учун у “тарихий сув анжумани” деб аталмоқда. БМТнинг билдиришича, 2050 йилга бориб 5 миллиард киши сув танқислигидан азият чекиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева 2022 йилнинг 14 ноябрь куни президент администрацияси ижроия аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири лавозимига тайинланганди.

Расман Саида Мирзиёева эгаллаган лавозим президент администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари тизими таркибига киради. Мирзиёева ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилиши айтилган.