Профессор Хидирназар Аллақулов Ғарб дипломатлари билан учрашди

Профессор Хидирназар Аллақулов (чапдан учинчи) ғарблик дипломатлар билан, Тошкент, 2023 йил 14 сентябри (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси фотоси)

Европа Иттифоқи дипломатик миссияси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари расмийлари 14 сентябрь куни “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партияси раҳбари Хидирназар Аллақулов билан учрашган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумот тарқатди.

Элчихона хабарномасида ғарб дипломатлари Аллақулов билан мулоқот чоғида Ўзбекистонда сиёсий партияларни рўйхатга олиш жараёнини муҳокама қилганлари айтилган, учрашувга оид бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.

Адлия вазирлиги томонидан партиясини рўйхатга олиш икки марта рад этилган профессор Хидирназар Аллақуловнинг ғарблик дипломатлар билан учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўшма Штатларга сафари олдидан ўтказилди. Аввалроқ президент матбуот хизмати кейинги ҳафтада Мирзиёев АҚШга сафар қилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаши ҳақида маълумот тарқатган эди.