Прокуратура: Жиззахда 6-синф ўқувчиси билан жинсий алоқа йигитнинг иши қайта кўрилади

Иллюстратив сурат

Жиззах вилояти прокуратураси 12 яшар қиз билан жинсий алоқа қилган 21 ёшли йигитнинг иши судда қайта кўрилиши ҳақида маълумот тарқатди.

Аввалроқ Мирзачўл туман суди судланувчи Т.Х. га нисбатан 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайин қилган.

Туман судининг бу қарори жамоатчилик орасида эътироз уйғотган. Хусусан, “Сукут сақлама” (NeMolchi.uz ) лойиҳаси мазкур иш Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми, яъни “16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш” бўйича малакалангани, ваҳоланки жиноят Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми, яъни “Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш” бўйича малакаланиши лозимлиги, бу айблов билан судланганларга 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо берилиши кўзда тутилганига эътибор қаратган.

Эътирозлар ортидан Жиззах вилояти прокуратураси суднинг айбланувчига нисбатан чиқарилган ҳукми қонунийлигини ўрганиб чиққан.

Ўрганишда Т.Х.нинг жиноий қилмишини малакалаш ва жазо тайинлашда суд томонидан жиноят - процессуал қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги инобатга олиниб, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига ҳукмни бекор қилиб, янги айблов ҳукми чиқариш юзасидан протест келтирилди”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Олдинроқ Урганч шаҳрида жойлашган оилавий меҳрибонлик уйидаги 3 нафар вояга етмаган қизнинг вилоятдаги раҳбарлар томонидан, Хоразмнинг Янгиариқ туманида 2006 йилда туғилган қизнинг 11 киши томонидан, Бухоронинг Қоракўл туманида 13 яшар қизнинг бир гуруҳ шахслар томонидан, Қашқадарё вилоятида 8 яшар ўғил боланинг 48 ёшли қариндоши томонидан зўрланганига оид ҳолатлар жамоатчиликка ошкор бўлган эди. Бунинг ортидан педофилларга қарши жазо чораларини кучайтириш чақириқлари янграй бошлаган.

Жорий йилнинг 11 апрель куни президент Мирзиёев томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзолаган бўлиб, унда бошқа ўзгартишлар қатори вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилгани билдирилган эди.