Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Spark русумли автомашинани бошқариб кетаётган Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчисининг ёнидан “Зардекс” номли 50 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумот тарқатди.
ДХХ қайдича, бунинг ортидан тезкор тадбир давом эттирилиб, прокуратура ходимига дори сотгган самарқандлик 27 ёшли фуқаро ҳам Тошкент шаҳрида қўлга олинган, ундан ҳам 300 дона “Зардекс” дори воситаси ашёвий далил ўлароқ мусодара этилган.
Инсон миясига кучли таъсир кўрсатадиган бу дори воситалари Ўзбекистонга Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келингани, айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.
Аввалроқ президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда “дорихона наркоманияси” авж олгани юзасидан хавотир изҳор қилган эди. Ўсиш динамикасидан ташвиш билдирган Маматов наркожиноятлар билан боғлиқ аниқ рақамларни очиқлаган эмас.
Муқаддам “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йил якунида Ўзбекистонда наркотик воситалари билан боғлиқ 5 мингдан зиёд жиноят содир этилгани, наркодиспансерда ҳисобда турганлар сони эса 5698 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатган эди.