Pussy Riot аъзоси Мария Алёхина Кремль олдида ўтказилган акция учун жаримага тортилди

Мария Алёхина

Москва суди Pussy Riot гуруҳи аъзоси Мария Алёхинага Кремль олдида полиция зўравонлигига қарши ўтказилган акция учун 15 минг рубль миқдорида жарима солди. Бу ҳақда “Медиазона” нашри хабар қилди.

Алёхина оммавий тадбирлар ўтказиш тартибини бузганликка оид модда бўйича жаримага тортилган. Аввалроқ суд айнан шу акцияда иштирок этганлик учун Pussy Riot гуруҳи аъзоси Рита Флоресга нисбатан 20 суткалик ҳибс жазосини қўллаган эди.

28 ноябрь куни Рита Флорес, Мария Алёхина ва рассом Фархад Исрафилли-Гельман Кремль олдида полиция зўравонлигига қарши “Диққат, синувчан!” номли акцияни ўтказган эдилар. Фаоллар ОМОН ходими кийимидаги рассомни скотч билан устунга боғлаб ташлашган. Алёхина ва Флорес тадбир чоғида рус аёлларининг миллий кийимларини кийиб олгандилар.