Россия президенти Владимир Путин 5 октябрда ўтган “Валдай” иқтисодий форумида Ўзбекистонга газ етказиб бериш масаласини шарҳлади.
Путинга кўра, йилига уч миллиард куб метрдан иборат бўлган унча катта бўлмаган ҳажмдаги газ”ни Ўзбекистонга етказиб бериш октябрь ойидан бошланиши кутилмоқда.
“Биз бу ишни ҳамкорликда ишлаб чиқдик. Қозоғистонлик дўстларимиз газ қувурининг ўз ҳудудидан ўтувчи қисмини таъмирлади, Ўзбекистон ҳам ҳудди шундай ишни амалга оширди. “Газпром” ҳам бу ишни Россия ҳудудида бажариши керак эди. Чунки газ Совет Иттифоқи пайтида бир томонга оқар эди, ҳозир эса уни бошқа томонга жўнатишимиз керак бўлади”, - деди Путин.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев аввалроқ Тошкент жорий йилнинг 1 октябридан Россия газини сотиб олишни бошлаши ҳақида маълум қилган эди.
“Режага мувофиқ, 1 октябрдан Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бошланади, юқори босимли газ қабул қилиб олиш учун зарур бўлган барча инфратузилма ва газ қувурлари ҳозирлаб қўйилган”, - деган Тошхўжаев.
Аммо Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш ишлари ҳозирча номаълум сабабларга кўра бошланмаган. Тошкент Россиядан газ олинишининг кечиктирилаётганига оид расмий тушунтириш бермади.
4 октябрда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Россиядан Ўзбекистонга газ транзити фақат ой охирига бориб бошланишини мумкинлигини айтди. Унга кўра, Қозоғистон газ қувурларини таъмирлаш ишларини эндигина якунламоқда.
Расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинган эди. Шартномага кўра, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.