Путин КХШТга аъзо давлатлар лидерларини Арманистон бош вазирини дастаклашга чақирди

В. Путин (ч) ва Н. Пашинян (ў) Еревандаги учрашув чоғида, 2019 йил 1 октябри

Россия президенти Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларини Арманистон бош вазири Никол Пашинянни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бу ҳақда Путин 2 декабрь куни онлайн шаклда ўтказилган КХШТ саммити чоғида билдирди. Ўзи, [Озайбайжон президенти] И. Алиев ва Н. Пашинян томонидан Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида имзоланган баёнотга тўхтала туриб, В. Путин Арманистон бош вазири ушбу оғриқли, бироқ зарур чораларни қабул қилишга мажбур бўлганини таъкидлади.

Арманистон мухолифати Пашиняннинг хатти-ҳаракатини мамлакат манфаатларига хиёнат ва Қорабоғдаги ерларни таслим этиш ўлароқ баҳолаган. 10 ноябрда уч томонлама битим имзоланганидан кейин Арманистонда Пашинян истеъфоси талаби билан оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган.

Николь Пашинян чоршанба куни ўтказилган КХШТ саммитида уч томонлама битим шартларига кўра Тоғли Қорабоғда россиялик тинчликпарвар кучларнинг жойлаштирилишини “минтақадаги хавфсизлик кафолати” деб атади. У қон тўкилиши тўхтатилишида Путиннинг “ўзига хос роли” бўлганини қўшимча қилди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Россия ва Арманистондан ташқари Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Ташкилот вазифаларига мувофиқ, КХШТ аъзолари ташкилотга аъзо бўлган бошқа мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига олганлар.