Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига маршал, генерал ва флот адмирали унвонига эга бўлган ҳарбийларнинг хизмат ёшини оширишни кўзда тутган қонун лойиҳасини киритди.
Ҳозирги пайтда, “Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, бу каби ҳарбийлар билан шартнома улар 70 ёшга киргуничагина тузилиши мумкин. Путин томонидан депутатлар эътиборига тақдим этилган ҳужжатда янги шартномалар “Россия Федерацияси президенти қарори билан белгиланган муддат” асосида тузилиши мумкинлиги айтилган.
Аввалроқ Владимир Путин амалдорларга 70 ёшдан кейин ҳам лавозимда қолиш имкониятини берувчи қонунчиликка тузатишларни тасдиқлаган эди.
Шундан сўнг президент май ойи охирида 70 ёшини нишонлаган Шимолий Кавказ федерал округидаги ўз вакили Юрий Чайканинг хизмат муддатини бир йилга узайтирганди.